- Бош саҳифа
- Мақолалар
- Бола уч ёшгача китобни “еб қўяди”ми?
Бола уч ёшгача китобни “еб қўяди”ми?
“Ўқимасдан ҳақиқий таълимга эга бўлиш ҳам, дид ҳам, сўз ҳам, кўп қиррали тушунча ҳам йўқ ва бўлиши мумкин эмас”.
Александр Герцен, ХХ аср бошидаги рус ёзувчиси ва публицисти,
файласуф ва педагоги
Китоблар боланинг ақлий, жисмоний, ижтимоий ва ҳиссий қобилиятларини ривожлантиришда энг самарали рағбатлантирувчи омиллардан бири ҳисбланади. Бола учун овоз чиқариб ўқиш, она қорнидаги даврида ҳам у билан гаплашиш, айниқса, ҳомиладорликнинг сўнгги 2 триместрида, яхши натижа беради. Бундан келиб чиқиб, шундай хулосага келиш мумкин: болаларга ўқиш ҳеч қачон эрта эмас. Ҳаётининг дастлабки 3 ойида чақалоқнинг кўриш қобилиятини бир-бирига зид бўлган барча нарсалар жалб қилади – демак, кескин фарқланувчи катта, оқ-қора ёки рангли расмларга эга китоблар ҳам.
Энг кичкинтойлар учун китоблар тури
Уйқу олдидан китоблар
Ҳаётининг дастлабки ойларида бола билан мулоқот қилишнинг энг яхши вариантларидан бири – меҳрга тўла бағрига олиб, бу китобларни биргаликда ўқиш. Бу гўдакка сизнинг овозингизни эшитиш ва ҳар бир саҳифадаги янги товушлар, сўзлар, шакллар ва тасвирлар билан мулоқотда бўлиш имконини беради. Шунингдек, уйқудан олдин китоб ўқиш фойдали ва уйқуга ётиш тартибини белгилашда осон усул ҳисобланади. Бунинг учун махсус китоблар мавжуд бўлиб, улар, одатда, аллаловчи сўзларни, тинчлантирувчи расмларни ва сўзларни такрорлашни ўз ичига олади, бу эса болани узоқ ва қаттиқ уйқудан олдин бўшашишига ёрдам беради. Болани уйқуга ётқизишдан аввал мунтазам равишдаги кундалик ўқиш ҳаёти давомида ўқишга бўлган муҳаббатни кучайтиради.
Матоли китоблар
Гўдаклар учун матоли китоблар (Cloth books) — бу ҳақиқатан ҳам матодан қилинган китоблар. Улар интерфаол функциялар, аппликациялар ва турли хил расмлар ўрнатилган юмшоқ ва силлиқ ёки ғовакли ва ғадир-будур бўлиши мумкин. Мато китобларининг асосий афзаллиги – бу хавфсизлик. Улар болалар учун туғилганидан бошлаб керакли ва ҳатто гўдак уларни чайнаса ҳам бардошлилиги билан фарқланади. Улар оддий китобларга қараганда анча қизиқарли ва жуда кўп завқ улашади.
Ҳайвонлар ҳақида китоблар
Ҳайвонлар ҳақидаги китоблар болалар орасида, кўпинча, энг севимлиси ҳисобланади. Кўпгина болалар аввал ҳайвонларнинг товушларини такрорлашни ўрганадилар, сўнгра улар ҳақиқий сўзларни талаффуз қилишни бошлайдилар. Саҳифаларда тасвирланган ҳайвонларнинг ёқимли юзлари боланинг эътиборини тортади ва унга ҳис-туйғулар ҳақида маълум бир тушунчалар беради.
Классика
Эҳтимол, болалигингизда сизга қандай севимли эртагингизни айтиб ёки ўқиб беришганини ва улар билан боғлиқ бўлган ҳис-туйғуларни эсласангиз керак? Ёки ҳанузгача ёдингизда бўлган севимли китобингиз борми? Классик ҳикоялар ва эртаклар кундалик китоб ўқиш одатингизга қулайлик бағишлаб, сизни гўдак билан мулоқот қилишингизга ёрдам беради. Эҳтимол, шундай кунлар келадики, иккингиз ҳам бир хил эртакни ўқиб, эшитиб катта бўлганингиздан бола ниҳоятда хурсанд бўлади.
Болалар қачон китоблар билан мулоқот қилишни бошлайдилар?
Дастлаб, китоб болалар учун оддий ўйинчоқ, дунёни билишнинг ўзига хос усули ҳисобланади. Тахминан 4–6 ойлигида, гўдак ўйинчоқларга ва умуман нарсаларга эътибор бера бошлаганда, катталар унга ўқиб берадиган китобларга қизиқиш билдиришни бошлайди. Ушбу босқичда бола учун китоблар ўйин турларидан бири бўлиб, ўйин атрофдаги дунёни тадқиқ этиш ва ўрганишдир.
Кичкинтойлар кундалик ҳаётда ҳам, расмларда ҳам айлана шаклидаги нарсаларни яхши кўрадилар. Кўпинча, бу чақалоқнинг туғилишидан бошлаб онанинг юмалоқ юзини, кўзларини, оғзини ва кўкрагини кўриши билан боғлиқ – уларнинг ҳаммаси овал шаклга эга. Қарама-қарши рангдаги катта расмлари бўлган китоблар, юз тузилиши тасвирланган расмлар, ҳиссий ёки интерактив элементларга эга бўлган китоблар, шунингдек, битта саҳифада битта сўз ёки ибора ёзилган китоблар бу ёш учун жуда мос келади.
6 ойликка яқнлашганда сиздан китобни тортиб олишни ва ўзи кўриб чиқишни бошлаши мумкин. Шуни ёдда тутиш лозимки, мазкур ёшда бола учун асосий нарса – бу китоб билан ижобий алоқалар ва катталар томонидан нутқ муҳитини қўллаб-қувватлаш.
6–12 ойликка яқинлашганда боланинг фикрлаши ва нутқи ўсиб боради. Ўсиб бориш жараёнида у эшитган сўзларини гапиради ва китоб саҳифаларидан ўқиб берган сўзларингизни бир-бирига боғлайди. Ёш китобхонни расмдаги тасвирларни изоҳлаш ва матндаги сўзларни гапиришга қизиқишини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш муҳим. Буларнинг ҳаммаси аста-секинлик билан рўй беради, аммо бола фаол ҳаракатланишни бошласа, эртакларни ўқиб бериш самарали тинчлантирувчи машғулот ва уйқу олдидан бўшашишга хизмат қилади.
2–2,5 ёшли болалар учун китоблар
Биринчидан, ҳар бир икки ёшли бола ҳам “қизғанчиқ” китобхон ҳисобланмайди, иккинчидан, 2 ёшлик боланинг мустақил китоб ўқиши камдан-кам ҳолларда учрайди ва бу мутлақо меъёрий ҳолат саналади. Агар сизнинг болангиз китоб ўқишга унчалик қизиқиш билдирмаётган бўлса, бу эртак айтишни тўхтатиш ва китобни рад этиш учун баҳона бўлмайди. Бунинг учун боланинг китоблардан барча энг фойдали ва қизиқарли нарсаларни ажратиб олиши учун китобларни боланинг ёшига қараб танлаш зарур.
Бола ўсиб-улғайгани сайин атрофдаги дунё ҳақидаги билимлари ортади, унинг ақлий салоҳияти эса, янги эҳтиёжлар ва китоб танлашда шахсий танловлари билан бирга ўсиб боради. Улғайишнинг ушбу босқичида бола аллақачон маълум тил кўникмаларига эга бўлиб, унда образли фикрлаш шаклланади, бу эса теран фикрли китобларни ўқишга ёрдам беради.
2 ёшида ўқишга кўпроқ эътибор қаратадиган болалар бор. Бошқаларида диққатни бир ерга жамлаш қийин бўлиши мумкин, агар болангиз китоб ўқиш пайтида тинч ўтиришга тайёр бўлмаса, тушкунликка тушманг. Боланинг кайфияти яхши бўлганда, китоб мутолаасига доимо қайтишингиз мумкин. Ахир китоб ўқиш қизиқарли бўлиши керак!
Уч ёшли болаларнинг ўқиш принциплари
Мунтазам равишда ўқиш – бу ота-оналар ҳам, кичкинтой ҳам интиқиб кутадиган ва қадрлайдиган машғулот. Ўқиш учун энг яхши вақт – ҳеч ким ҳеч қаерга шошилмайдиган дақиқалар: кундузги ёки кечки уйқудан аввал, шифокорга навбатда турганда, узоқ йўлга сафарга чиққанда ёки сайрга чиққанда ўқинг. Асосийси, сиз ва фарзандингизда бирга бўлиш истаги борлиги.
Кундалик мақсад – 1 соат бир неча бўлакларга бўлинади. Агар фарзандингиз бир жойда ўтиришни истамаса, уни тинглашга мажбурламанг. 2–3 ёшли болалар доимо ҳаракатда бўлиши керак ва улар учун бир жойда ўтириш жуда қийин. Ҳаддан ташқари уриниш ғазабланишга олиб келиши ва ўқишдан, ижодкорликдан ва таълим олишдан бездириши мумкин. Ўқиш пайтида қўлида бирон нарсани ушлаб туриши ёки ёнингизда туриши болага кўпроқ ижобий ҳис-туйғуларни беради. У расм чизсин ёки бўясин, овқат пайтида унга ўқиб беринг. Боланинг диққатини ўқишга жалб қилиш ва бундан яхши одатни шакллантиришнинг чексиз усуллари мавжуд.
“Китобнинг ярми” принципи бўйича ижодий фикрлашни ривожлантириш
Болалар учун мўлжалланган барча китобларда жуда кўп маъно ва ўгитлар мавжуд, аммо бу болалар ва уларнинг ота-оналари воқеалар тизимини ўзгартирмасликлари керак дегани эмас. Боланинг фантазияси мослашувчанлигига туртки бериш учун тасвирланган расмлар ва қаҳрамонлар ҳақидаги маълумотларга асосланиб, ҳикоя ёки эртакнинг ярмини ўқиб, сўнг иккинчи ярмини ўйлаб топишингиз мумкин. Бошида катталар ёрдами керак бўлиши мумкин, аммо охир-оқибат болалар қандай қизиқарли эртак бўлганидан хурсанд бўлишади.
Агар у сиз ҳали ўқиб бермаган китоб бўлса, жуда яхши. Бундай ҳолда, болада қаҳрамонларнинг келажакдаги ҳаракатлари тўғрисида “тайёр” фикрлар бўлмайди. Ўқишни бошлашдан аввал сиз охирини биргаликда ўйлаб топишингиз ҳақида болангизни олдиндан огоҳлантиришингиз мумкин. Бу унга биринчи бўлимни ўқиётганингизда яхшилаб фикр юритиши учун вақт беради. Ўқишни тугатгандан сўнг, болангизга кейин нима бўлишини тасаввур қилишни таклиф қилинг.
Бу саволга тўғри жавоб йўқ! Эҳтимол, ўт ўчирувчи дарахтдан ночор мушукни олиш учун барча дўстларини тўплайди ёки у қанот чиқаради ва ўзи пастга тушади – сиз мавзуга ўз вариантингизни таклиф қилишингиз ёки китобдаги расмларга таянишингиз мумкин. Воқеанинг “дунёдаги энг яхши” давомини ўйлаб топганингизда, асл нусхасини дадил ўқишингиз ва ўзингизникига таққослашингиз мумкин.
Аудиокитоблар ва уларнинг афзалликлари
Ҳозирги кунда жуда кўп аудиокитоблар мавжуд. Бу бола ўз ишлари билан машғул бўлганда ажойиб “энага” бўлади. Масалан, узоқ ва чарчатадиган саёҳат даврида, йўл давомида ўқиш имконсиз бўлса, сиз плеерга қизиқарли аудио ҳикояни қўйишингиз мумкин. Аудиокитоблар ота-оналарга оғир иш кунларида боласини бирон бир нарсага қизиқтиришга уринишларини енгиллаштиришга ёрдам беради. Тўғридан-тўғри кириш ва дарҳол юклаб олиш – аудиоҳикояларнинг асосий афзалликлари. Уларни исталган жойда, хоҳлаган вақтда юклаб олиш мумкин.
Боланинг кундалик фаолиятига аудиокитобларни киритиш орқали биз уларнинг ақлий, тил ва нутқ қобилиятларини ривожлантиришимиз мумкин. Бундай китобларни йиртиб ташлаш, “еб қўйиш” ёки ишдан чиқариш мумкин эмас, хонадан алоҳида жой қидиришнинг ҳожати йўқ, уларни сақлаш қулай ва саёҳат учун жуда яхши. Бироқ, унутмаслик керакки, 3 ёшгача бўлган болалар учун анъанавий, асл нусхадаги китоблар кўпроқ таассуротлар ва ўзаро ҳамкорлик имкониятларини беради.
Ўзбекситонлик ота-оналар: ижтимоий сўров натижалари
64% ота-она боласи туғилишидан бошлаб китоб сотиб олади
28% — 1 ёшдан кейин
20% ота-оналар болаларига китоб ўқиб берадилар ёки ўзлари эртак айтиб берадилар
50% ота-оналар муқовада кўрсатилган ёшга эътибор беришади
31% ота-оналар ҳар куни болалари билан бирга китоб ўқишади
67% ота-оналар бола бўш вақтида гаждетлар эмас, балки китоб ўқишига ишонадилар
Ушбу сўровнома 0 ёшдан 3 ёшгача болалари бўлган ёш ота-оналар ўртасида ўтказилди. Бир нечта иштирокчилар билан алоҳида суҳбат чоғида ота-оналар фарзандларини китобга қизиқтириш учун ҳар доим ҳам етарли вақт ва услубий маҳоратга эга эмасликлари маълум бўлди.
Муаллиф: Хуршидахон Кодирбекова
"Ташкентдаги Пучон университет" .